Omma xabar

Ўзбекистон “VETERAN” Бирлашмасининг “Фахрийлар манфаатлари ҳар нарсадан устун!” шиори остидаги тадбири

Жорий йилнинг 18 февраль куни “Темирйўлчилар” Маданият саройида Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га ҳамда Қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетганлигининг 28 йиллигига бағишланган “Фахрийлар манфаатлари ҳар нарсадан устун!” шиори остида катта концерт тадбири ўтказилди.
Тадбирга Ўзбекистон “VETERAN” Бирлашмаси Республика Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлардан келган Бирлашма аъзолари, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Олий суд, Прокуратура фахрийлари, “Нуроний”, “Маҳалла” хайрия жамғармалари вакиллари, Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари, жангчи-фахрийлар, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилди.
Меҳмонларни сарой фойесида Мудофаа вазирлигининг ҳарбий оркестри ҳарбий маршлар билан кутиб олди.
Концерт дастурини таниқли суҳандонлар Ўзбекистон халқ артисти Галина Мельникова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслим Йўлдошевлар олиб боришди. Улар кириш сўзлари билан тадбирни очиб беришди. Шундан сўнг Қорқалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Хасан ва Хусан Жўраевлар Ўзбекистон “VETERAN” Бирлашмаси мадҳиясини ижро этишди. Ижро давомида саҳна экранида жангчиларимизнинг Афғонистондаги жанговор фаолиятини тасвирловчи кадрлар намойиш этиб борилди.
Бирлашма раиси Талъат Мурадов барча йиғилганларни ёрқин сана билан табриклади ва Афғон урушида ҳалок бўлган ҳотирасини ёд этиш учун бир дақиқали сукут эълон қилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юнус Гулзаровнинг саксафонда ижро этган “Альбионе — Адажо” реквиемининг ғамгин мусиқаси остида саҳна экранида 1512 ҳалок бўлган жангчиларнинг фотосурат слайдлари намойиш этилди.
Шундан сўнг шу куни – 2017 йил 18 февралда 80 ёшга тўлган Ҳалок бўлган аскар оналари “Бурч” қўмитаси раиси Роза Раҳимовна Валиеванинг 80-йиллиги нишонланди. Роза Валиева 1937 йилнинг 18 февралида ишчи оиласида туғилган. Отаси Абдурахим Валиев Иккинчи жаҳон урушига чақирилиб, 1942 йилда ҳалок бўлган. У оғир уруш йиллари вояга етиб, тумуш қурди. Тўрт фарзандни катта қилиб, вояга етказди. Ўғли Адҳам Мирзаев 1981 йилда ҳарбий хизматга чақирилиб, жанговор ҳаракатлар олиб борилаётган Афғонистонга жўнатилди. 1983 йил 31 мартида у қаҳрамонларча ҳалок бўлди ва қумондонлик томонидан жасорати учун “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланди.
Роза Валиева 1999 йилдан бери Ҳалок бўлган аскар оналари “Бурч” қўмитасига раислик қилиб келадилар. Улар бу қўмитада жамоатчилик асосида фаолият юритиб, кўплаб оналар ва беваларнинг оғирини енгил қилиб, уларга мададкор бўлиб келдилар. Роза опанинг ташаббуслари билан ўтказилган хайрия тадбирларида аёлларга ёрдам пуллари, озиқ-овқат пакетлари, эсдалик совғалари тақдим этилиб, уларнинг миннатдорчилигига сазовор бўлдилар. Уларнинг қўмитадаги савобли ишлари нафақат ҳалок бўлганларнинг оналари ва бевалари орасида, балки барча жангчи-фахрийлар орасида ҳам катта ҳурмат ва обрў-этиборга эришишига сабаб бўлди.
Роза Валиеванинг жангчи-фахрийлар ва барча аскар оналари олдидаги хизматларини инобатга олиб, Бирлашма раҳбарлари Талъат Мурадов ва Анвар Рашидовлар барча жангчи-фахрийлар номидан аскар онасига халқаро байналмилалчи жангчилар “Боевое братство” ташкилотининг “Хизматлари учун” ордени билан тақдирлашди.
Шу муносабат билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мухаррам Абдухалилова аскар оналарга аталган “Она ҳақида қисса” ашуласини куйлаб берди.
Шундан сўнг Хасан ва Хусан Жўраевлар Ўзбекистонда тузилган “Мусилмон батальони”га бағишланган қўшиқни ижро этишди. Видеороликларда батальоннинг ташкил этилиши ва унинг Амир қалъасига ҳужумини тасвирловчи лавҳалар намойиш этилди.
1979-1989 йиллар давомида афғон юртига минглаб ватандошларимиз ҳарбий хизматга ва меҳната сафарбар этилди. Бугунги кундаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги худудидан ҳарбийлар, милиция, маҳсус хизматлар ва фуқаролар меҳнат отрядларини хисобга олган ҳолда 850 мингдан ортиқ инсонлар иштирок этишган. Улардан 15 минг киши халок бўлган ва бедарак йўқолаганлар рўйхатида.
Шуларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ирина Камилова раҳбарлигидаги “Серпантинка”, Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султанова раҳбарлигидаги “Санам” рақс ансамбллари, Ўзбекистон халқ артисти Кумуш Раззакова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Владимир Боромиков, Рухшона, Козим Қаюмов, халқаро танловлар сориндори Сабина, жангчи-фахрий Абдулла Убайдуллаев ижросида уруш фахрийларига, аскар оналари ва беваларига бағишланган ўзбек, рус, украин, арман рақс ва қўшиқларни ижро этишди. Бу чиқишлар турли миллатдаги томошобинларнинг олқишига сазовор бўлди.
Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Вохидовнинг Ўзбекистон офицерлари” ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Хакимовнинг “Синева” қўшиқлари янгради. Концерт барча артистлар ижросида айтилган “Кетаяпмиз” қўшиғи билан тугади.
Концер якунида концерт етакчилари томошобинларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилдилар: Бугун ўтмиш воқеаларини эсга олиш билан бирга, тинчлик-хотиржамлик қадри, инсон камолоти, орзу-умидларимиз, бугунги ва эртанги фаровон кунларимиз ҳақида қўшиқлар эшитиб, яхши таассуротлар олдик. Мана шундай ажойиб учрашувлар яна кўп бўлишини ва дийдор кўришиш насиб этишини тилаган ҳолда, барча фаҳрийларимиз ва байналминалчи биродарларимизга соғлиқ-саломатлик, тинчлик ва хотиржамлик ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусафо бўлсин. Тинчлик ва хотиржамлигимизга, Ўзбекистонимизни истиқболига кўз тегмасин. Ҳайр, саломат бўлинг, азизлар!