Справочная информация

Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган жангчи-фахрийлар, ногиронлар ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган
И М Т И Ё З Л А Р
Мазкур имтиёзлар тўплами Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Жангчи-фахрийларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш – “VETERAN” Бирлашмасининг долзарб вазифаси” мавзусидаги грант лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган

Тўплам жангчи-фахрийлар, афғон уруши ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси соҳасида ишлайдиган Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмасининг раҳбарлари, масъуллари, фаоллари, ҳудудий бўлим раҳбарлари ҳамда барча аъзолари учун  мўлжалланган.

  1. Имтиёз беришга асос бўладиган ҳужжатлар

Афғонистон ва бошқа чегараланган ҳудудларда ҳарбий ҳаракатларда байналмилал бурчини бажарган ҳарбий хизматчиларга “Имтиёзлар тўғрисидаги гувоҳнома” берилади. Бу гувоҳнома Мудофаа вазирлиги, шаҳар ва туман мудофаа ишлари бўйича бўлимлари томонидан берилади. Қайд этилган ҳарбий ҳаракатларда қатнашган Миллий ҳавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Прокуратура ходимларининг гувоҳномалари шу муассасалар кадрлар бошқармаси томонидан топширилади. Ушбу гувоҳнома орқали Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда ўз байналмилалчи бурчини адо этган жангчи-фахрийлар, 1-нчи ва 2-нчи гуруҳ ногиронлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 мартдаги ПФ-3227-сонли Фармонида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сонли ҳамда 1997 йил 27 майдаги 258-сонли Қарорларида белгилаб берилган имтиёзлардан фойдаланадилар.

Шунингдек, Афғонистон ва бошқа чегараланган ҳудудларда ҳарбий ҳаракатлар даврида ушбу ҳудудларга юборилган Маданият ва спорт вазирлигининг артистлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги профессор-ўқитувчилари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари, Ёшлар иттифоқи агитбригадаси аъзолари, ёзувчи ва журналистлар “Ишчи ва хизматчиларга имтиёзлар олиш ҳуқуқини бериш гувоҳнома”лари берилиши мумкин. Улар ҳам юқорида қайд этилган қонунчилик ҳужжатлари асосида уларга тегишли бўлган имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин.

Байналмилал бурчини бажариш билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатларда ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар уруш ногиронларига бериладиган имтиёзларга тенглаштирилган бўлиб, уларга уруш ногирони гувоҳномаси берилади. Имтиёзли юриш учун талонлар тегишли нафақа тайинланган ташкилотлар томонидан берилади.

Байналмилал бурчини бажариш пайтида ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларига қонунчиликда белгиланган имтиёзлар нафақа тайинланадиган ташкилот томонидан берилган маълум шаклдаги маълумотнома асосида берилади.

Афғонистон ва бошқа чегараланган ҳудудларда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ишчи ва хизматчиларга, шунингдек, ҳалок бўлган ишчи ва хизматчиларнинг оила аъзоларига тегишли имтиёзларни бериш учун яраланганлигини, контузия, жароҳат олганлигини ёки ҳалок бўлганлигини тасдиқловчи хужжатлар, орден ва медалларнинг гувоҳномалари ва бошқа шу каби ҳужжатлар асос бўлиши мумкин.

2.2. Хизматни белгилаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252 -сонли Қарорига асосан, ҳарбий харакатлар кетаётган мамлакатларда ўз байналминал бурчларини адо этган, тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида иштирок этган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органларининг бошлиқлари ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар тоифасига киритилган.

Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда ўз байналмилал бурчини адо этиш туфайли яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш туфайли ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва миллий хавфсизлик органларининг бошлиқлари ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар уруш ногиронларига тенглаштирилган.

Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган, ҳарбий хизматчиларнинг, ишчи-хизматчиларнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган даври иш стажига уч хисса баробарида имтиёзли тарзда қўшиб берилади.

Аммо бу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарорига биноан ҳарбий хизмат муддатини Афғонистонда тўлиқ тугатганлик шарти билан ҳисобга олинади. Ярадорлик, контузия, майиблик  ёки касаллик даврлари хизмат муддати деб ҳисобга олинмайди.

Бундан ташқари, имтиёзли нафақа тайинланаётганда ярадорлик, контузия, майиблик ва касаллик туфайли даволаниш муассасаларида ўтказилган вақт ҳам ҳисобга  олинмайди.

Юқоридаги имтиёз ҳарбий хизматчи номига доғ туширган, ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатилиб, Афғонистондан қайтариб юборилган ҳарбий хизматчилар учун берилмайди.

2.3. Имтиёзлар тўғрисидаги гувоҳномалар йўқотилганда ва фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганда алмаштириш тартиби

Байналмилал-жангчиларнинг имтиёзли гувоҳномалари яроқсиз ҳолга келганида яшаш жойларидаги шаҳар, туман мудофаа ишлари бўйича бўлими бошлиғи номига дубликат олиш учун ариза берилиши лозим.

Афғоннистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган фуқаро имтиёз олиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномасини йўқотганда шаҳар ёки туман мудофаа ишлари буйича бўлимига мурожаат қилиши керак. Бўлим томонидан ушбу ҳолат ўрганиб чиқилиб, ҳужжатни сақлаб қолиш иложи бўлмаган  сабаблар (бирон-бир кучли табиий офат содир бўлганида ёки бошқа сабаблар) аниқланади, йўқотилган хужжатни тиклаш масаласи кўриб чиқилади.

Гувоҳномасини йўқотган фуқаро мудофаа бўлимига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этиши керак: гувоҳнома йўқотган фуқаронинг гувоҳномани тиклаб беришини сўраб ёзган аризаси, йўқотилган ҳужжатларни қидирилганлиги ҳақида (ҳужжат йўқотилганлиги ҳақида матбуотда, рўзномаларда эълон қилинганлиги, топилмалар столидан топилмаганлиги тўғрисида) маълумотномалар, паспорт, ҳарбий билет нусҳалари ҳамда Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси Марказий девони ёки ҳудудий бўлимининг расмий илтимосномаси.

Илтимоснома қониқтирилган ҳолларда, ҳозирда собиқ иттифоқ “Имтиёзлар тўғрисидаги гувоҳнома” бланкларининг йўқлиги сабабли вилоят, шаҳар ва туман мудофаа ишлари бўлимлари томонидан жангчи-фахрийнинг фотосурати туширилган ва бошқарма ёки бўлим муҳри босилган маълумотнома берилмоқда. Бу ҳужжат юридик кучга эга бўлиб, барча вазирлик ва идоралар томонидан тан олинган.

2.4. Ўқишга, ишга жойлаштириш ва меҳнатга оид имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Министрлар Кенгаши ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Республика Кенгашининг 1989 йил 26 сентябрь 311, Б-38/5а-сонли “Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини бажарган шахслар ва уларнинг оилалари учун ижтимоий-маиший шароитларини янада яхшилаш чоралари тўғрисида”ги Қарорига асосан Афғон уруши жангчи-фахрийлари ва ногиронларига бир қатор имтиёзлар берилган.  

Мутахассисликка эга бўлмаган, шунингдек соғлиғига кўра касбини ўзгартиришга мухтож бўлган ёки янги касб эгаллашни хоҳлаган ногиронлар махсус ўқув-ишлаб чиқариш марказлари, касб-ҳунар таълимининг умумий тизими орқали тегишли касб ва малака олишлари мумкин.

Байналмилал-жангчилар тегишли касб ёки ишлаб-чиқариш малакасини кўрлар, кар-соқовлар ва ногиронларнинг республика ўқув ишлаб-чиқариш корхоналарида олишлари ҳам мумкин, ўқувчилар бу корхоналарда ўқишда бўлган даврларида тўлиқ давлат таъминотида бўладилар. 

Байналмилал-жангчиларга тегишли касбларни ўргатиш мақсадида ҳунар-техника ўқув юртлари ва курсларига кириш учун уларга бир қатор ҳуқуқлар берилган.

Бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ишлаб чиқариш  ўқув вақти учун уларга қуйидагича ҳақ тўланади:

– янги касб эгаллашда (янги ишчи тайёрлаганда) ўқишнинг барча даври учун ишчи тариф ставкасининг 100 фоизи;

– ходимларни қайта тайёрлашда, иккинчи касбга ўқитишда ва малака оширишда ишдан ажралган ҳолда ўқишнинг барча даври учун мавжуд касб ва малака бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

Заҳирага бўшатилгандан ёки истеъфога чиқарилгандан кейин ишга кирган байналмилал бурчни бажарган ҳарбий хизматчилар ўзларига қулай вақтда навбатдаги йиллик отпускадан фойдаланиш, шунингдек бир йилда икки хафтагача иш ҳақи сақланмаган қўшимча таътил олиш  ҳуқуқига эгадирлар.

Бунда кўрсатилган қўшимча таътил асосий таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида берилиши ҳам мумкин.

Даволаниш ва санаторияга бориб-келиш учун навбатдаги ва қўшимча таътиллар етмаган ҳолларда (йўлланма ким томонидан ва кимнинг хисобидан берилганлигидан катъий  назар) керакли кунларга касаллик варақаси берилади.

2.5. Протезлар тайёрлашга доир имтиёзлар

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига биноан тегишли тиббий хулосага асосан афғон уруши ногиронларига протез-ортопедик буюмларнинг барча тури (қўл протезлари, унга мосламалар, протезларга  қўлқоплар, оёқ протезлари, жумладан заҳира ва ишчи протезлар), ортопедик аппаратлари, корсетлар ва протез-ортопедик буюмларнинг бошқа турлари;

протезларга пойафзаллар ва ортопедик аппаратлар, шунингдек, ортопедик пойафзалларнинг барча турлари;

бандаж ва бошқа турдаги буюмлар (қўлтиқтаёқлар, ҳассалар, даволаш бандажлари);

эшитув аппаратлари ва овоз ҳосил қилувчи аппаратлар;

тиш, жағ ва кўз протезлари (қимматбаҳо металлдан ясалган тиш протезларидан ташқари) навбатдан ташқари бепул тайёрлаб  берилади.

Барча турдаги протез-ортопедик буюмлар ва ортопедик протезларга буюртма бериш, ўлчаб кўриш ва олиш учун ногироннинг харажатлари протез-ортопедик корхонаси томонидан тўланади.

Агар ногирон саломатлик ҳолатига кўра (масалан, 1-гуруҳ ногирони) бошқа бировнинг кузатиб боришига зарурат сезса, бирга олиб борган кишининг йўл харажатлари ҳам тўланади.

Протез тайёрлашга борганда темир йўлнинг (плацкарт) қаттиқ вагони бўйича, сувда 3 класс тарифи бўйича, тош йўл ва тупроқ йўлларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган мазкур ҳудуд учун белгиланган йўл тарифи бўйича ҳақ тўланади.

2.6. Нафақа таъминотига доир имтиёзлар

Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгашининг 1981 йил 23 февралдаги 182-сонли қарорига, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Кенгаши ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Республика Кенгашининг 1989 йил 26 сентябрь 311, Б-38/5а-сонли “Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини бажарган шахслар ва уларнинг оилалари учун ижтимоий-маиший шароитларини янада яхшилаш чоралари тўғрисида”ги қарорига биноан ҳалок бўлган жангчиларнинг меҳнатга қобилиятсиз ота-оналарига, рафиқаларига ва бошқа оила аъзоларига улар жангда халок бўлган ёки хизматдан кейин вафот этган кишиларнинг қарамоғида турган-турмаганлигидан қатъий назар нафақа тайинланади.

Оналар ва хотинларга боқувчисини йўқотганлик нафақаси улар 50 ёшга етганда, хотинларига эри ўлган кундан бошлаб, қанча вақт ўтишидан қатъий назар шу ёшга етганда нафақа тайинланади.

Вафот этган шахснинг 8 ёшга тўлмаган болаларига қараш билан банд бўлган хотинларга нафақа унинг ёшидан ва меҳнатга яроқлилигидан ҳамда у ишлаш-ишламаслигидан катъий назар тайинланади.

1-гуруҳ ногиронларига қараб турилган ҳақиқий вақт фуқаронинг умумий меҳнат стажига қўшилади.

Афғон уруши 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари охирги иш жойидан қатъий назар умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Нафақа тўлаш. Байналмилал жангчи бўлган 1- ва 2-гуруҳ ишловчи ногиронлар, шунингдек, боқувчисини йўқотган шахсий нафақа олувчи ота-оналар ва хотинлар бу нафақани тўлиқ оладилар.

Байналмилал бурчини бажариш даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига боқувчисини йўқотганлик нафақаси махсус ўрта ёки олий ўқув юртини битиргунга қадар тўланади, бироқ  улар 23 ёшдан ошгач, нафақа тўлаш тўхтатилади.

2.7. Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда армия таркибида ишлаган ёлланма ходимларга бериладиган имтиёзлар

Байналмилал бурчни бажаришда ярадор бўлган, контузия олган, майиб бўлган ёки жанговар ҳаракатларни таъминлашда қатнашгани учун орден ва медаллар билан мукофотланган ишчи ва хизматчиларга 2.4-бандда айтиб ўтилган ишлаб чиқариш-иқтисодий ўқув вақти учун, ҳақ тўлашдаги имтиёзли тартиби, шунингдек, уларнинг олий, ўрта махсус ўқув юртлари ва касб-ҳунар билим юртларида ўқиган даври учун юқорида кўрсатилган махсус стипендия тўлаш жорий қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига биноан байналмилал бурчни бажариш билан боғлиқ ҳолда ногирон бўлган ишчи ва хизматчиларга, уларнинг хизматларини ҳисобга олиб, шунингдек байналмилал бурчни бажаришда ҳалок бўлган ишчи ва хизматчиларнинг оилаларига республика ёки маҳаллий нафақахўрларга молик бўлган шахсий нафақа тайинланиши мумкин.

Бу ишчи ва хизматчиларнинг оилаларига, ҳалок бўлган байналмилал жангчилар оиласи учун белгиланган юқорида айтиб ўтилган боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлаш ва тўлашнинг имтиёзли шартлари тадбиқ этилади.

Байналмилал бурчни бажариш чоғида ҳалок бўлган ишчи ва хизматчиларнинг хотинларига иш жойларидан дам олиш учун пансионатларга, шунингдек болалар дам олиш лагерларига йўлланма олишда имтиёзли ҳуқуқлар берилган.

2.8. Темир йўл, сув, автомобиль ва ҳаво транспортида юриш имтиёзлари тўғрисида

МДҲ ҳукумат бошлиқлари Кенгашининг 1993 йил 12 мартдаги “Иккинчи жахон уруши катнашчилари, ногиронлари хамда уларга тенглаштирилган шахсларнинг транспортларда имтиёзли юришини тан олиш тўғрисида”ги Битимига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сонли қарорига биноан уруш қатнашчиларига тенглаштирилган Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларда қатнашган байналмилалчи жангчи-фахрийларга, бурчини  бажариш пайтида ёки олинган контузия, мажруҳлик, ярадорлик натижасида ногирон бўлиб қолганларга ҳамда ҳарбий ҳаракатларда ёки  фронтда олган ярадорлиги ва касаллиги туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг  ота-оналари ва рафиқаларига транспортдан фойдаланишда қуйидаги имтиёзлар берилган:

Ҳаво транспортида:

 – Ҳарбий хизматни ва шу каби бошқа вазифаларини бажариш пайтида ярадор бўлган, контузия, мажруҳлик ёки фронтда олган касаллиги сабабли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-онаси ёки хотини;

– 1-ва 2-гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва уларга тенглаштирилганлар, ҳамроҳлик қилаётган (бир кишидан кўп бўлмаган) шахслар 50% арзон нархда йилига бир марта (икки томонга) ҳаво транспортида ҳаракат қилиш имтиёзига эга бўладилар. Улар ўз хоҳишлари билан икки йилда бир марта (икки томонга) бепул ҳаракат қилишлари мумкин.

Ҳаво транспортида йилига неча марта ҳаракат килишларидан қатъий назар уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилганлар шахсларга мавсумий йилнинг 1 октябридан 31 майигача гувоҳнома бўйича бериладиган 50 фойизли имтиёзлар сақланади.

 Темир йўл транспортида:   

– Ҳарбий хизматчилар, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати органларининг раҳбар ходимлари, ишчилар ва хизматчилари, собиқ иттифоқ ҳудудларини ҳимоя қилишда ва Афғонистонда жанговар ҳарбий ҳаракатлар вақтида контузия олиб, мажруҳликка учраб, ярадорлик натижасида ногирон бўлиб қолган 1- ва 2-гуруҳ уруш ногиронларига йилига бир марта (икки томонга) бепул юриш ҳуқуқи берилади

Қуйидагиларга темир йўл транспортида юриш учун чипталар нархи 50%га камтирилган ҳолда тўлаш ҳуқуқи берилган:

– Афғонистонда ва бошқа чегараланган ҳудудларида ҳарбий хизмат ва бошқа вазифаларни бажариш пайтида ярадор бўлган контузия олган, мажруҳ бўлган, фронтда касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-онаси ва хотинига;

– Афғонистонда ва бошка чегараланган ҳудудларда жанговар ҳаракатда қатнашган ярадор ва мажруҳ бўлган, контузия олган, ҳарбий хизматчилар ва ишчиларга;

– 1-гуруҳ ногиронларига йўлда йўлдош бўлаётган шахсларга (бир кишидан кўп эмас);

50% имтиёзли чипта олиш ҳуқуқига эга бўлганлар (икки томонга) ўзларининг хоҳишига қараб ҳар икки йилда бир марта бепул чипта олишлари мумкин.

Темир йўл транспортида неча марта ҳаракат қилишларидан қатъий назар уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилганларга 50% имтиёзли чипта олиш мавсумий имтиёзлари 1 октябридан 15 майгача сақланиб қолади.

Автомобиль транспортида:

Қуйидагилар шаҳарлараро автомобиль транспортида йилига бир марта (икки томонга) ҳаракат қилиш учун имтиёзли (50 % га нархи камайтирилган) чипта олиш ҳуқуқига эга:

– Афғонистонда ва бошқа чегараланган ҳудудлардаги жанговар ҳарбий ҳаракатда қатнашиб ногирон, ярадор ёки мажруҳ бўлган ва контузия олган ҳарбий хизматчилар;

– ҳарбий жангчиларга ва ички ишлар вазирлиги, миллий хавфсизлик хизмати органларининг раҳбар ходимлари, ҳарбий бурчини бажаришда, ярадорлик натижасида ногирон бўлган, контузия, ёки мажруҳ бўлганлар;

– ҳарбий хизматнинг бошқа вазифаларини бажариш пайтида ярадор, контузия, мажруҳ бўлган, ёки фронтдаги касаллиги туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-онаси ва хотини (эрига).

 50% имтиёзли чипта олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳар икки йилда бир марта (икки томонга) кўрсатилган транспорт турида бепул чипта олиш ҳуқуқига эга. Шаҳарлараро автомобиль транспортида ҳаракат қилганида мавсумий имтиёз (йилнинг 1 октябридан 15.майигача) йўл ҳақининг 50% ни тўлаш сақланади:

– Афғон уруши иштирокчилари, қаерда яшашидан қатъий назар шаҳар ва шаҳарлараро йўловчи ташиш транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга.

– улар шаҳарда ҳаракат қилувчи йўловчи ташувчи ҳамма транспорт турларида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқига эга.

2.9. Махсус транспорт – ҳаракат воситалари билан таъминлашга доир имтиёзлар

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига биноан оёғи кесилганлиги ёки шикастланганлиги, ёки бошқа бир жиддий касаллик туфайли туришга ва юришга қийналган ногиронларга велоколяскалар, мотоколяскалар ва қўл билан бошқариладиган автомобиллар социал таъминот органлари тамонидан бепул берилади.

Қўл билан бошқариладиган мотоколяска ёки енгил автомобилини олиш учун зарур бўлган медицина хулосасини тайёрлаш мақсадида ногиронларни кўрикдан ўтказиш уларнинг яшаш жойидаги тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Марказий  ВТЭКлари томонидан амалга оширилади. Велокресло, коляскаларни олиш учун эса хулоса туман (шаҳар) ВТЭКлари томонидан берилади.

2.10. Жангчи-фахрийларни бепул даволаш  ва дори-дармон ҳамда пархез озиқ-овқат билан таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат Дастури тўғрисида”ги ПФ-2107 сонли фармонига асосан афғон уруши қатнашчилари, ногиронлари бепул тиббий хизмат олиш хуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 декабрдаги “Даволаш-профилактика муассасаларини маблағ билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ги  532- сонли Қарорига асосан улар стационар шароитида даволаниш жараёнида овқат тўловларидан озод этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сонли “Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2007 йил 19 сентябрдаги ПФ-3923 сонли Фармонларига асосан, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида имтиёзли ордерлар асосида бепул даволаниш хуқуқига эга. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги “Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги  204-сонли Қарорига асосан амбулатория шароитида даволаниш жараёнида имтиёзли рецептлар асосида бепул дори воситалари билан таъминланадалар.

2.11. Алоқа хизмати учун имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1990 йил 8 майдаги фармони билан Ўзбекистон Алоқа вазирлиги, маҳаллий органлар 1990-1991 йилларда 1990 йил 1 январигача ҳисобга олинган барча байналмилал жангчилар ва ҳалок бўлган харбий хизматчилар оилалари хонадонларини телефонлаштириш лозим деб топилган.

Байналмилал жангчилар ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзолари телефон ўрнатиш руйхатига киритиш учун олинадиган ҳақнинг 20 фоизини тўлайдилар.

Агар телефон ўтказувчи шахс олдиндан телефон тармоқларининг абоненти бўлса ёки ички телефон орқали алоқа тармоқларига чиқиш имкониятига эга бўлса (шахсий ёки умумий телефонлари бор йўқлигидан қатъий назар) телефон ўтказиш учун руйхатга олганлиги ва телефон ўрнатилганлиги учун ҳақ тўламайдилар. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирининг 1997 йил 20 март 112-сонли буйруғига асосан 1997 йилнинг 1 апрелидан бошлаб байналмилалчи жангчи ногиронлар телефондан фойдаланганликлари учун ҳақ тўлаш имтиёзли асосида бажарилади, телефон учун тўланадиган бир ойлик тўловнинг 50%ни тўлайдилар.

2.12. Солиқ тўлашдаги имтиёзлар

2010 йилдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг 180-моддаси 8-бандига асосан хизматни Афғонистон Республикасида ва жанговор ҳаракатлар олиб борилган бошқа мамлакатларда қўшинларнинг чекланган контингенти таркибида ўтган ҳарбий хизматчилар даромад олинган ҳар бир ой учун учун энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этиладилар.

Шунингдек, ушбу Солиқ кодексининг 275-моддаси 2-банди ҳамда 290-моддаси 3-бандига асосан уруш қатнашчилари ва ногиронларига тенглаштирилган жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларидан озод этиладилар.

Солиқ кодексининг 275-моддасига биноан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ота оналари ва бева хотинларига (бева эрларига) мол-мулк слдиғидан имтиёз фақат улар янги никоҳдан ўтмаган тақдирда берилади.

Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун суғурта бадали белгиланган миқдорининг камида 50 фоизи миқдорида имтиёз берилади.

Шунингдек, жангчи-фахрийлар ва афғон урушининг 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари шахсий автотранспорт воситаларини мажбурий суғурта қилиш тўловлари бўйича 50%ли имтиёзга эга.

2.13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 мартдаги ПҚ-3227-сонли 2003 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига компенсация пул тўловларни жорий этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 мартдаги ПҚ-3227-сонли

Қ А Р О Р И

  1. Имтиёзлардан фойдаланувчи шахслар тоифалари ва пулли компенсация тўловларининг миқдори    

Ҳар ой энг кам иш ҳақининг 45 фоиз миқдордаги пулли компенсация тўловларини олувчилар қуйидагилар ҳисобланади:

а) ногиронлар, 1941-45 йиллар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган кишилар, вафот этган ҳарбийларнинг оилалари ва вафот этган   1941-1945 йиллар уруши ногиронларининг рафиқалари;

б) уруш қатнашчилари ва ногиронларга тенглаштирилган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сонли Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунини бажарилиши учун зарур меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорининг 2-сон ва 3-сон иловаларида белгиланган.

  1. Компенсация пул тўловларини тўлаш тартиби ва муддатлари

2.1. Компенсация тўловлари ҳар ойда бир марта корхона штатида бўлган ҳар бир ишчига (шу билан бирга ишлайдиган пенсионерларга) иш жойидан; ишламайдиган пенсионерларга ва нафақа олувчиларга; болалигидан ногиронларга ва пенсия тайинлаш учун етарли стажга эга бўлмаган меҳнатга лаёкатсиз қарияларга нафақа – пенсия (нафақа) олиш жойидан берилади.

2.2. Ишламайдиган пенсионерларга компенсациялар мавжуд пенсия тайинлаш шахсий жилди ҳужжатлари асосида, яъни қўшимча аризаларсиз амалга оширилади.

2.3. Компенсация тўловлари:

Ишламайдиган пенсионерлар ва ижтимоий нафақа олувчиларга – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда алоҳида ҳар ойлик ведомостлар асосида пенсия (ижтимоий нафақа) тўловлари билан бир вақтда; ишлайдиган фуқароларга, жумладан ишловчи пенсионерларга – иш ҳақини тўлаш муддатларида амалга оширилади.

2.4. Бир неча асосга кўра компенсация олиш ҳуқуқига эга шахсларга улар танловига қараб энг кўп миқдордаги битта компенсация тўланади.

2.5. Компенсация олувчи ходимга тегишли ва унинг ўлими туфайли олинмай қолган компенсация миқдори ўлим кунига қадар у билан яшовчи оила аъзоларига тўланади. Бу ҳолда компенсация ўлим куни ҳам ҳисобга олган ҳолда тўланади.

2.6. Ишдан бушаган такдирда, ишчига бушаган ойи учун компенсация пули сунгги иш жойидан берилади.

2.7. Пенсия тайинлаш тўғрисида 2003 йил 1 апрелидан кейин биринчи марта мурожаат қилган компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга компенсациялар пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризаси берилган ҳисобот ойидан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

2.8. Ишлайдиган фуқароларга қонунчиликда уй-жой ва коммунал хизматларни тўлаш бўйича белгиланган имтиёзлар ўрнига тўланадиган компенсациялар меҳнатга ҳақ тўлаш фондига қўшилади ва ундан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ҳисобланади.

2.9. Қонунчиликда уй-жой ва коммунал хизматларни тўлаш бўйича белгиланган имтиёзлар ўрнига тўланадиган компенсациялар солиққа тортиш базасига қўшилмайди, ҳамда жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиққа тортилмайди.

2.10. 2003 йил 1 апрель ҳолатига бўлган коммунал хизматлардан ва эксплуатация харажатларидан қарздорлик аввал ўрнатилган тартибда қопланади.

2.11. Компенсация пули тўловлари билан боғлиқ харажатларнинг молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

– бюджет ташкилотларида ишлаётган фуқаролар, жумладан ишловчи нафақахўрлар учун – давлат бюджети маблағлари;

– ишламаётган нафақахўрлар ва ижтимоий нафақа олувчи шахслар, ижтимоий таъминот органларида рўйхатда турувчилар учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари;

– нафақа таъминоти давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилувчи, ишламаётган пенсионерлар (Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва шу кабилар) – давлат бюджети маблағлари;

– Давлат бюджетидан маблағ билан таъминланмайдиган корхона ва ташкилотларда ишловчи шахсларга компенсациялар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратиладиган суғурта бадаллари ҳисобидан тўланади, яъни суғурта бадалларига ажратилаётган суммани ҳисоботда тўланган компенсация суммасига камайтириш йўли билан қопланади.

2.12. 2003 йилнинг 1 апрелидан уй-жой ва коммунал хизматлари кўрсатувчи корхоналар уй-жой ва коммунал хизмати тўловлари буйича аввал имтиёзга эга бўлган шахслар билан мазкур тўловлар юзасидан қайтадан ҳисоб-китоб қиладилар.