Omma xabar

Роза Рахимовнага Табрик созларимиз.

Ҳурматли Роза Раҳимовна!
Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмасининг барча аъзолари номидан Сизни табаррук кунингиз, таваллудингизнинг 80 йиллиги муносабати билан чин қалбдан самимий табриклаймиз. Сизнинг сафдошингиз бўлмиш биз учун Сизни сиҳат-саломатликда кўриш катта бахтдир.
Сиз 1937 йилнинг 18 февралида ишчи оиласида туғилдингиз. Отангиз Абдурахим Валиев Иккинчи жаҳон урушига чақирилиб, 1942 йилда ҳалок бўлдилар. Онангиз Мохианвар опа оғир уруш йиллари ишчи бўлиб ишлаб, Сизни ва бошқа фарзандларини вояга етказдилар. Сиз машаққатли уруш ва ундан кейинги йилларда қийин ҳаёт синовларидан ўтдингиз. Шу боис, ўрта мактабни битиришингиз биланоқ, савдо соҳасида меҳнат қила бошладингиз. Бу соҳада 1992 йилгача бенуқсон ишлаб, нафақага чиқдингиз.
Бу давр мобайнида Сиз 4 фарзандни катта қилиб, вояга етказдингиз. Ўғлингиз Адҳам Мирзаев 1981 йилда ҳарбий хизматга чақирилиб, жанговор ҳаракатлар олиб борилаётган Афғонистонга жўнатилди. 1983 йил 31 мартида у қаҳрамонларча ҳалок бўлди ва қумондонлик томонидан жасорати учун “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланди.
Бу жудолик қанчалик оғир бўлмасин, Сиз ўғлингиз хотирасини ёдлаш, шу билан бирга ҳалок бўлган барча ўзбекистонлик ўғлонларнинг оналари қалбида фарзандларининг хотираси абадийлаштириш мақсадида 1999 йилдан бери Бирлашма қошидаги “Бурч” қўмитасига раҳбарлик қилиб келяпсиз. Сиз бу қўмитада жамоатчилик асосида фаолият юритиб, кўплаб оналар ва беваларнинг оғирини енгил қилиб, уларга мададкор бўлиб келмоқдасиз. Сизнинг ташаббусингиз билан ўтказилган хайрия тадбирларида аёлларга ёрдам пуллари, озиқ-овқат пакетлари, эсдалик совғалари тақдим этилиб, уларнинг миннатдорчилигига сазовор бўлмоқдасиз. Сизнинг қўмитадаги савобли ишларингиз нафақат ҳалок бўлганларнинг оналари ва бевалари орасида, балки барча жангчи-фахрийлар орасида ҳам катта ҳурмат ва обрў-этиборга эришишингизга сабаб бўлмоқда.
Сизнинг бу фаолиятингиз Москва шаҳрида ўтказилган Халқаро “Боевое братство” байналмилалчи жангчилар ташкилотининг ҳалок бўлган жангчиларнинг оналари халқаро конференциясида ҳалқаро “Хизматлари учун” олтин медали билан юқори баҳоланди.
Биз Ўзбекистон “VETERAN” Бирлашмаси аъзолари Сиз каби меҳрибон она, камтарин, фидои инсон бирлашмамиз аъзоси бўлганлигидан фахрланамиз.
Ҳурматли Роза Раҳимовна, Сизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, жамоатчилик фаолиятингизда мувоффақиятлар, дастурхонигизга қут-барака, кўп йиллар бахтли-саодатли оилангизнинг мамоси бўлиб юришингизни тилаймиз.
Ҳурмат ва эҳтиром билан,

Ўзбекистон “VETERAN”
Бирлашмаси раиси Т. Мурадов